Автор admin

Меҳнат миграцияси: муаммолар ва уларнинг ечимлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик департаменти, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) ва Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ҳамкорлигида “Хусусий бандлик агентликлари институтини такомиллаштириш: миллий ва халқаро тажриба” мавзусида халқаро видеоконференция ўтказилди.

Тадбирда халқаро меҳнат миграциясида хусусий бандлик агентликларининг роли, улар фаолиятини ташкил этишда хорижий давлатларнинг амалиётлари, қонунчилик доирасида улар фаолиятини тартибга солиш муаммолари ва уларни ҳал этиш йўллари, халқаро меҳнат миграцияси доирасидаги фаолиятга кириш, танлаб олиш ва ишга жойлаштиришнинг этика қоидалари, миграция сиёсатини ишлаб чиқишда халқаро қонунчиликнинг ўрни каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Коронавирус инфекцияси тарқалиши оқибатида барча соҳаларда бўлгани каби меҳнат миграциясида ҳам юзага келаётган жиддий муаммоларни бартараф этиш, мамлакат ичида ва хорижда аҳолини хавфсиз, тартибли ва манзилли иш билан таъминлаш бўйича тезкор чораларни кўриш зарурлиги таъкидланди.

Вебинарда иштирок этган халқаро экспертлар меҳнат миграцияси соҳасида ўз фикрлари билан ўртоқлашди:

Майкл НЬЮСОН, Меҳнат миграцияси ва инсон ресурсларини ривожлантириш бўйича бош мутахассис, ХМТнинг Жануби-шарқий Европа, Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича ҳудудий офиси вакили (Австрия):

Меҳнат мигранти нафақат ўз оиласи, ватанига, қолаверса, ўзи ишлаётган давлатга ҳам фойда келтиради. Бугунги инқироздан кейин хорижий йирик иш берувчиларда, айниқса қишлоқ хўжалиги соҳасида мутахассисларнинг етишмовчилиги кузатилади, бу одамларнинг иқтисодий-ижтимоий ҳаётига жиддий таъсир этади. Пандемиядан кейин бир йил давомида ҳам вазият аввалги ҳолатига қайтмаслиги мумкин. Шунинг учун инқироз даврида ва ундан кейин меҳнат миграция билан боғлиқ вазиятни ҳамкорликда бошқариш лозим бўлади. Меҳнат миграция оқимини бошқариш учун бандлик агентликлари, иш берувчилар ва давлат ҳамкорлиги йўналишлари ҳамда улар томонидан қилиниши лозим бўлган вазифаларни аниқлаб олиш зарур.

Инқироздан кейин бандлик агентликларига талаб ва улар томонидан фуқароларни ишга жалб қилиш жараёни кучаяди. Бу уларнинг айримлари томонидан одамларни ишга ёллашда ўз вазифаларини суиистеъмол қилиш хатарини ҳам оширади. Бу шароитда вазиятни самарали бошқариш учун мигрантларни жўнатиш ишларини тўғри йўлга қўйиш, айниқса, уларнинг соғлиғини текшириш лозим. Бу борада мигрантларни қабул қилувчи ва жўнатувчи давлатлар ҳамда бандлик агентликлари ўртасида ишларнинг сифатли ташкил этилишини таъминловчи келишув бўлиши керак.

Яна бир муҳим жиҳат, меҳнат мигрантлари учун хавфсиз ва мақбул шароитларни яратиш учун аввало бандлик агентликлари меҳнат мигрантлари жалб этилаётган саноат соҳаларни яхши тушуниши лозим.

Павел ШАЛУС, IRIS Дастури менежери, ХМТ штаб-квартираси вакили (Швейцария):

– Хорижий ишчи кучини адолатли ёллашнинг халқаро тизими (IRIS) стандартлари кўплаб мамлакатларнинг давлат идоралари, иш берувчилари ва бандлик агентликлари томонидан қабул қилинган ҳамда БМТ, ХМТ конвенцияларининг асосий нормаларига асосланган, шунингдек, бандлик ва меҳнат миграциясининг барча халқаро амалиётини қамраб олади.

Хусусан, ишчиларни жалб қилишда қонунийлик, очиқлик ва ҳуқуқларни ҳимоя қилиш принципларига риоя қилиш лозим. Шунингдек, қабул қилинган халқаро нормаларга мувофиқ, меҳнат мигрантларидан фойдаланишда мажбурий ва болалар меҳнатига йўл қўймаслик, иш берувчи ва меҳнат мигранти ўзаро ихтиёрий келишувга эга бўлиши, мажбурий тўловларга йўл қўймаслик, яъни, хорижда ишга жойлаштирганлик учун тўловни фақат иш берувчи амалга ошириши, меҳнат мигранти ишдан ташқари вақтида эркин бўлиши, меҳнат шартларининг аниқ бўлиши, шахсий маълумотларни бандлик агентликлари ва иш берувчилар томонидан ошкор қилинмаслиги каби принципларга риоя этиши лозим.

Масалан, дунёнинг машҳур савдо белгисига эришган йирик компаниялари “иш берувчи тўлайди” принципига риоя қилади.

Бироқ, мамлакатимизда хусусий бандлик агентликлари институти жорий этилган бўлса-да, улар томонидан кўрсатилаётган хизматлар учун тўловлар тартибларини қатъий белгилаб берилмаганлиги, айрим агентликлар томонидан фуқароларимиз ишончи суиистеъмол қилиниб, фирибгарлик ҳолатлари қайд этилди. Бу ўз навбатида, бугунги кунда мазкур соҳада ижобий ютуқларга эришган давлатларнинг қонунчилик тажрибаси ва муаммоларини таҳлил қилган ҳолда, Ўзбекистон шароитида янги ҳисобланган хусусий бандлик агентликлари фаолиятини жорий этиш заруратини кўрсатмоқда.

Михаил ПУШКИН, ХМТнинг бандлик масалалари бўйича бош мутахассиси (Россия):

– “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг амалдаги вариантида ХМТнинг 181-сонли Конвенциясидаги мавжуд қоидалар тўлиқ акс этмаган. Қонунга киритилаётган қўшимча ва ўзгартиришлар эса ХМТ тавсиялари ва конвенцияларига асосланган ва халқаро стандартларга мос келади ҳамда мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Бугунги коронавирус пандемияси инқирозидан, иқтисодий ривожланиш даражасидан қатъи назар барча давлатлар зарар кўрмоқда. Бу албатта, барча соҳалар каби меҳнат миграциясига катта зарба беради.

Тан олиш керак, охирги йилларда Ўзбекистон ҳукумати ташқи меҳнат миграцияси соҳасида қатор давлатлар, хусусан, Россия Федерацияси билан кўплаб музокаралар олиб борди ва самарали натижаларга эришмоқда. Айни пайтда Россия томонидан янги миграция стратегияси ишлаб чиқилмоқда. Хорижга ишга кетаётган ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини саралаш амалиёти жорий этилса, бандлик агентликлари ва мигрантлар дуч келаётган муаммолар камайган бўларди.

Конференцияда хусусий бандлик агентликлари вакиллари ҳам соҳани янада такомиллаштириш юзасидан ўз фикрларини билдириб, ўзларини қизитирган саволларга экспертлардан жавоб олди.

Конференция сўнггида иштирокчилар меҳнат миграцияси соҳасидаги муаммолар ечими, хусусий бандлик агентликлари фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан ўз таклифларини беришди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизмати

Тел.: (71) 202-33-55